Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Аляскада АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтган учрашувни ижобий баҳолади. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг “X” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди, дея хабар беради Oxu.Az.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, Трамп ва Путин музокаралари Россия–Украина урушига якун ясаш учун туртки беради.
“Биз Аляскадаги саммитни олқишлаймиз ва Украина президенти Владимир Зеленский иштирокидаги бу янги жараён мустаҳкам тинчлик учун пойдевор бўлишига ишонамиз. Туркия тинчлик ўрнатилишига ҳар қандай ҳиссани қўшишга тайёр”, — деди Туркия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, учрашув давомида Трамп АҚШ, Россия ва Украина ўртасида уч томонлама саммит ўтказиш эҳтимоли ҳақида ҳам гапирган эди.


