Эрон илк бор оғир тоифадаги, узоқ масофали “Сежжил” баллистик ракетасини Исроил ҳудудига қарата учирди. Бу ҳақда Тасним ахборот агентлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) баёнотига таяниб хабар берди.
Ҳужум “Ҳақиқий ваъда 3” номли операция доирасида амалга ошган бўлиб, бу Исроилга қаратилган 12-тўлқин ҳужум ҳисобланади. ИИҚК расмийларига кўра, ҳужумдан олдин Эрон аҳолига “босиб олинган ҳудудларни тарк этиш” бўйича огоҳлантириш берган.
ИИҚК баёнотидан:
“Эндиликда босиб олинган ҳудудлар осмони Эрон ракеталари ва дронлари учун очиқ. Зарбалар аниқ, кучли ва давомли бўлади. Ер ости бошпаналарида яшириниш ҳам ёрдам бермайди.”
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда “Сежжил” ракетасининг учирилиши акс этган бўлиб, у ҳавода ўзидан ёрқин, ғайриоддий из қолдиргани кузатилган.
Исроил 13 июнь куни Эроннинг ядровий иншоотларига қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини бошлаганини эълон қилган. Операция Теҳроннинг ядровий салоҳиятини бутунлай йўқ қилишга қаратилган.
Эрон мазкур ҳужумларга жавобан Исроил шаҳарлари ва ҳарбий объектларига қарши ракета ва дрон зарбаларини бошлаб юборди.
Маълумот учун, “Сежжил” — Эрон томонидан ишлаб чиқилган, икки босқичли, қаттиқ ёқилғили баллистик ракета бўлиб, у 2000 км дан ортиқ масофани босиб ўта олади. Бу ракета илк бор реал жанговар шароитда қўлланилди.


