Эроннинг Бандар-Аббос шаҳрида жойлашган саккиз қаватли турар жой биносида портлаш содир бўлди. Эрон давлат телевидениеси хабарига кўра, ҳодиса Форс кўрфази соҳилида жойлашган Moallem булвари ҳудудида юз берган. Портлаш оқибатида бинонинг икки қавати, бир нечта автомобиль ва дўконлар вайрон бўлган. Ҳозирча портлаш сабаблари номаълум.
Маҳаллий ОАВ дастлаб портлаш нишони Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбарларидан бири бўлгани ҳақидаги тахминларни рад этди. Ҳодисадан бир неча соат аввал АҚШ билан кескинлик кучайгани фонида Эрон Қуролли кучлари “тўлиқ мудофаа ва жанговар шайлик” ҳолатига келтирилгани ҳақида хабар берилганди.
Эрон Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Амир Ҳотамий аввалроқ:
“Агар душман хатога йўл қўйса, бу шубҳасиз унинг ўз хавфсизлиги, минтақа хавфсизлиги ва сионистик режим хавфсизлигини таҳдид остига қўяди”, — деган эди.
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескинлик АҚШ президенти Доналд Трампнинг 30 январдаги баёнотларидан сўнг янада кучайди. Трамп Эрон ядровий дастури бўйича янги келишувдан бош тортилса, ҳарбий зарбалар берилиши мумкинлигини айтиб, минтақага ҳарбий кемалар юборилаётганини маълум қилган эди.
Reuters агентлиги хабарига кўра, Исроилнинг икки нафар расмийси Эронда содир бўлган портлашларга Исроилнинг алоқадорлигини қатъиян рад этган. Шунингдек, Эроннинг жануби-ғарбидаги Хузистон вилояти Аҳвоз шаҳрининг Кианшаҳр маҳалласида алоҳида ҳолатда газ портлаши юз бериб, оқибатда тўрт киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Эрон давлат ОАВларига кўра, ҳар иккала портлаш ҳолати юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Расмий изоҳлар ҳозирча бермаган.


