"Оскар" мукофоти совриндори, машҳур британиялик актёр Бен Кингсли иштирокида “Маърифат акс-садоси” туркум фильми доирасида суратга олинган Фарғоний, Хоразмий ва Ибн Сино ҳақидаги видеороликлар дунёнинг етакчи Euronews ва CNN халқаро телеканалларида эфирга узатилди.
Мазкур роликлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли медиа-лойиҳанинг муҳим қисми бўлиб, унда Шарқ уйғониш даврининг буюк мутафаккирлари ва олимлари мероси халқаро аудиторияга замонавий, таъсирчан визуал ечимлар орқали тақдим этилмоқда. Видеороликлар жаҳон томошабинларини ислом цивилизацияси бағрида камол топган илм-фан, тафаккур ва маънавият анъаналари билан таништиришга қаратилган.
Лойиҳада сер Бен Кингсли иштирок этиб, у Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Амир Темур каби буюк сиймолар ҳаёти, илмий мероси ҳамда уларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилади.
“Маърифат акс-садоси” лойиҳаси доирасида тарих, маданият ва фан ривожига муҳим таъсир кўрсатган алломалар ҳаётига бағишланган ўндан ортиқ қисқа метражли ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу фильмлар айнан халқаро томошабинлар учун мўлжалланган бўлиб, дунёнинг етакчи медиа-платформалари орқали намойиш этилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси доирасида мамлакатимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб этиш, халқаро маданий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни қадимий цивилизациялар бешиги, фан ва маърифат маркази сифатида дунёга танитишга хизмат қилади.


