Фарғона вилояти, Бешариқ туманида маҳаллий ариқдан шахси номаълум боланинг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Мурдани 24 март куни соат 21:00 да “Қўрғонча” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқда маҳаллий аҳоли аниқлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Шундан сўнг тезкор-тергов гуруҳи ҳодиса жойига етиб бориб, ўлим сабабларини ўрганишга киришган.
Дастлабки экспертиза натижаларига кўра, боланинг танасида зўравонлик ёки шикастланиш аломатлари аниқланмаган. Ўлимга сув билан нафас йўлларининг беркилиши сабаб бўлгани маълум қилинган.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари боланинг шахсини аниқлаш ва унинг ариққа қандай тушиб кетганини ўрганиш учун суриштирув ишларини давом эттирмоқда. Шунингдек, ҳудудда бедарак йўқолган болалар ҳақидаги маълумотлар ўрганилмоқда.


