Аввалроқ Қува туманидаги маҳаллаларда МЧЖ хизмат кўрсатмагани натижасида аҳолидан 1,7 миллиард сўмдан зиёд ортиқча маблағ ҳисоблангани хабар қилинганди. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги буни рад этиб чиқди.
Раддияда қайд этилишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Тозалик Санитар Сервис” МЧЖ чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатадиган Қува туманидаги «Байналминал», «Жалаер», «Ифтихор», “Катта Қашқар”, «Мустақиллик», «Намуна», «Сўфи» МФЙларда белгиланган тартибда ўрганишлар ўтказилмаган. Хизматлар кўрсатилмагани ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилгани ҳолатини тасдиқловчи далолатнома расмийлаштирилмаган.
«Байналминал», «Жалаер», «Ифтихор», “Катта Қашқар”, «Мустақиллик», «Намуна», «Сўфи» МФЙлар раислари ҳамда ушбу маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан санитар тозалаш хизматлари кўрсатилмагани бўйича шу кунгача ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушмаган бўлсада, бошқарма томонидан ушбу ҳудудларда ҳеч қандай асосларсиз “хизмат кўрсатилмаган” деб қарор қабул қилинган.
Важ қилинган ушбу ўрганишда Қува туманидаги юқорида номлари келтирилган маҳаллаларга борилмаган ёки Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ва унинг вилоят бошқармасига ҳамкорлик бўйича ҳеч қандай мурожаатлар қилинмаган ҳамда ушбу ҳудудда ҳақиқатда хизмат кўрсатилгани ҳақида ГПС мониторинг тизимидан маълумотлар олинмаган.
Агентлик хабарида айтилишича, Рақобат қўмитаси томонидан аввал ҳам Қашқадарё, Сирдарё, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги нореал қарздорликлар ҳақида хабарлар эълон қилинган бўлиб, мазкур расмий маълумотларни Чиқиндиларни бошқариш агентлигидан эмас, бошқа ташкилот ва идоралардан олишга уринилган.
Айни пайтда “Фарғона Тозалик Санитар Сервис” МЧЖ томонидан бошқарманинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан тегишли судга мурожаат қилинган.


