Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида ота ўғлини онасига бермаслик учун ўзини машина тагига ташлади. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, эр-хотин ўртасидаги низо натижасида оила икки томонга ажраб, она қизалоғини олиб кетган бўлса, ўғил бола отаси қўлида қолган.
Бироқ она ўғлини соғиниб, уни тарбиясига қайтариш мақсадида судга мурожаат қилган. Суд барча ҳолатларни кўриб чиқиб, болани онаси тарбиясига топшириш ҳақида қарор қабул қилган.
Суд қарори Мажбурий ижро бюросига келиб тушгач, ижро иши қўзғатилган. Давлат ижрочилари отани бир неча бор огоҳлантирган бўлса-да, у болани онасига бермаслик учун турли йўлларни излашда давом этган.
Бола онасига топширилиши лозим бўлган куни эса вазият янада кескинлашган. Отаси машинага ўтирган болани тўхтатиш мақсадида ҳатто ўз жонини ҳам хавф остига қўйиб, транспорт воситасига ўзини ташлаган. Кейин эса вазиятдан фойдаланиб, болани тушириб қолдириб қочириб юборган.
Кейинчалик бола топилган ва қарор тўлиқ бажарилган. Эртаси куни давлат ижрочилари тезкор ҳаракат қилиб, болани топишга эришган. Болани отаси билан бирга МИБ биносига олиб келиб, суд қарорини бажарган ҳолда онасига топширишди. Шу билан ижро иши амалда якунланди.


