Мажбурий ижро бюроси Ёзёвон туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг 2025 йил 8 ноябрдаги ижро ҳужжатига асосан ижро иши қўзғатилган.
Мазкур ижро ҳужжатига кўра, қарздор А.Т. томонидан Ёзёвон тумани Қорасой МФЙ Наврўз кўчасида жойлашган йўл муҳофаза ҳудудининг 90,0 кв.м ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилмалар барпо этилгани аниқланган.
Суд қарорига асосан мазкур қурилмаларни қарздор томонидан ёки унинг ҳисобидан буздириш ҳамда ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган.
Қарздорга ихтиёрий ижро муддати берилган бўлса-да, ушбу талаблар белгиланган вақтда бажарилмаган.
Шу муносабат билан давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар буздирилди ва 90,0 кв.м йўл ҳудуди тўлиқ асл ҳолатига келтирилди.
Шу тариқа ижро ҳужжати амалда тамомланди. Шунингдек, бўлим иш юритувидаги шу тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича ҳам қонун талаблари асосида тизимли ва жадал ижро чоралари амалга оширилмоқда.


