Фарғонада мушукни тирик ҳолда ёқиб юборган уч нафар шахсга нисбатан ички ишлар органлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Қувасой шаҳар прокурорининг аризаси билан юқоридаги қарор бекор қилиниб, ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 2-қисми ва 189-1-моддаси (тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) билан расмийлаштирилган маъмурий баённома мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судига юборилган.
Суд мажлисида М. А. (1983 йилда туғилган), Аз. А. (1995 йилда туғилган) ва Ас. А. (2005 йилда туғилган) га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг қарорига кўра М. А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 2-қисми ва 189-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга ушбу кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) га асосан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, Аз. А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда Ас. А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.


