Фарғонада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақида ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, маъсуллар томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда "Тошкент-Фарғона" йўналишида ҳаракатланаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Дамас русумли автомашина "Наманган" ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада автотранспорт воситасининг орқа ўриндиғига яшириб қўйилган 9 кг. 573 гр. "гашиш" моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, мазкур шахснинг яшаш хонадонидан ҳам 2 кг. 779 гр. "гашиш" ва 1 кг. 29 гр. "опий" моддалари ҳужжатлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида, ушбу фуқаронинг Фарғона ва Марғилон шаҳарларида истиқомат қилувчи, 1987, 1989 ва 2003 йилларда туғилган шериклари ҳам қўлга олинган.


