Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 31 январь ҳамда 1–3 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфини юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши ва Шаҳрисабз туманлари, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё ва Узун туманлари хавфли ҳудудлар қаторига киритилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Самарқанд ва Ургут, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин туманларида ҳам қор кўчиши эҳтимоли мавжуд.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари, хусусан Чотқол тизмаси тоғларида, шунингдек Наманган вилоятининг Поп туманида ҳам хавфли вазият юзага келиши мумкинлиги қайд этилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғ олди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини, дам олувчиларни ҳамда ушбу ҳудудларда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни алоҳида эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Мутасаддилар зарурат бўлмаган тақдирда тоғли ҳудудларга чиқмаслик, об-ҳаво ва расмий огоҳлантиришларни доимий кузатиб боришни тавсия қилмоқда.


