FIDE Freestyle Жаҳон чемпионати-2026 мусобақаси давом этмоқда. 4-тур учрашувлари Ўзбекистон вакиллари учун мураккаб кечди.
Нодирбек Абдусатторов америкалик гроссмейстер Ҳанс Ниеманнга қарши ўйинда имкониятни бой бериб, мағлубиятга учради. Шу билан бирга, яна бир ўзбек шахматчиси Жавоҳир Синдаров ҳиндистонлик кучли гроссмейстер Аржун Эригайсга қарши баҳсда ютқазди.
Мусобақа регламентига кўра, турнирда иштирок этаётган 8 нафар шахматчи ўзаро биттадан, жами 7 та партия ўтказади. Ушбу босқич якунига кўра энг яхши натижа қайд этган 4 нафар иштирокчи ярим финал йўлланмасини қўлга киритади.
Аввалги турларда Абдусатторов Фабиано Каруана, Аржун Эригайси ва Винсент Кеймерга қарши доналар сурган бўлса, Синдаров эса Левон Аронян, Магнус Карлсен ҳамда Каруанага қарши баҳсларда қатнашди.
Кейинги, 5-тур доирасида эса икки ўзбек гроссмейстер — Абдусатторов ва Синдаров ўзаро тўқнаш келади. Ушбу учрашув ҳар икки шахматчи учун турнир жадвалидаги ўрнини яхшилаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.


