Ижтимоий тармоқда физика фанидан айрим тест топшириқлари Туркиядан шундайлигича кўчириб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан ДТМ расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, физика фанидан келтирилган тест топшириқлари турк тилидаги тест топшириқларидан ёки бошқа манбалардан кўчириб олинмаган. Балки хорижий ташкилотлар томонидан тузилган тест топшириқлари ўрганилиб, улардан ғоя олинган ҳолда янги тест топшириқлари шакллантирилган. “Бу тестология қоидаларига ва муаллифлик ҳуқуқига зид эмас”, — дейилади изоҳда. Таъкидланишича, ДТМ экспертлари томонидан тузилган тест топшириқлари хорижий манбалардаги саволлар билан бир хил эмас ва улар Ўзбекистондаги давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари асосида тузилган.