Франция жуда кучли электромагнит нурланиш туфайли iPhone 12 сотувини тўхтатганини маълум қилди.
Тегишли қарор Франция миллий частоталар агентлиги (Agence nationale des frequences) томонидан қабул қилинди. Регулятор Apple'ни дастурий таъминотни янгилаш орқали ушбу муаммони ҳал қилмаса, Францияда сотилган барча iPhone 12'лар қайтариб олиниши ҳақида огоҳлантирди.
"Apple'да жавоб қайтариш учун икки ҳафта муддат бор", — деди Франция рақамли технологиялар вазири Жан-Ноэл Барро. Бундан ташқари, вазир Франция ўз хулосаларини Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларидаги тартибга солувчи органлар билан ҳам бўлишишга ваъда берди.
Apple вакили BBC'га компания ANFR хулосаларига рози эмаслигини ва компаниянинг маҳсулотлари барча қоидаларга мос келишини айтди.