Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширишда шароитларнинг ёмонлашиши тўғрисида маълумотлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қай этилишича, жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар 2023 йил 1 майдан бошлаб кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъий назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгилган.
Бу ўз навбатида, жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлиб, қонунчилик нормалари доирасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлмайди.
Электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш хизмати қиймати Солиқ қўмитаси бўлинмасининг ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторлари ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг кўрсатаётган хизмати қийматидан ташкил топади (2023 йил 10 февраль ҳолатига 24 та оператор хизмат кўрсатмоқда).
Хизматнинг қиймати операторлар кўрсатадиган сервисга қараб фарқланади ва ўртача битта ҳисоб-фактура учун 270 сўмдан 450 сўмгачани ташкил этади.
Шу билан бирга, кўрсатиладиган хизматлар қийматини кескин пасайтириш ва электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш тартибини соддалаштириш чоралари кўрилмоқда.
“Бунда электрон ҳисобварақ-фактуралар операторлари кўрсатиладиган хизматлар нархини мустақил равишда белгиласаларда, Солиқ қўмитаси бўлинмаси томонидан кўрсатиладиган хизмат қийматининг пасайтирилиши операторларга хизмат қийматини ҳам пасайтиришга имкон беради”, — дейилади хабарда.
Солиқ қўмитаси томонидан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар учун электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатишда ушбу операциялар бўйича кўрсатиладиган хизмат нархини 1 сўмда белгилаш бўйича комплекс хизматларни тақдим қилишга қаратилган тадбирлар амалга киритилиши устида иш олиб борилмоқда.


