1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

“Гап”дан гап чиқмасин

Аёл деган буюк номга бирор гард юқишининг ўзи хунук.

“Гап”дан гап чиқмасин

 

Гап-гаштак баҳона тўпланган хотин-қизлар даврасида бўлаётган гап-сўз, ғийбатлар, турли миш-мишлар кўпларнинг бошини эгяпти.

 

“Гап” ўйнашдан мақсад нима?

Ҳозирда йигиту қизлар, аёллару эркаклар, ҳамкасблар, синфдошу курсдошлар ўртасида гап-гаштаклар кўпайган. Бу, албатта, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, маъмурчилик ва фаровонликдан нишона. Аммо… аксарият гап-гаштаклар ўзининг асл мақсад-мазмунини йўқотиб, тўқликка шўхлик қабилида бачканалашиб бораётгандек, гўё. Ваҳоланки, бу одатнинг қадим мазмун-моҳияти анча тийран. У шунчаки бекорчилик ёхуд зерикишдан эмас, ташвишлардан чарчаган одамларнинг дўст-биродарлар маслаҳати, руҳий мадади, маънавий далдаси, дунёдан хабардор бўлиш эҳтиёжидан келиб чиққан.

Азалдан гурунгларда турли ташвишлар бироз бўлса-да унутилиб, ширин суҳбатлар қурилган, шеърхонлик, китобхонлик қилинган. Тарбиявий аҳамиятга эга панд-насиҳатлар, эртагу ривоятлар, ҳикоятлар тингланиб, баҳс-мунозара юритилган. Бундай гап-гаштаклардан одамларда яшашга иштиёқ, эртанги кунга ишонч ортган, уларга руҳий куч-қувват берган. Ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат, қийинчилик пайтида бир-бирига елкадош бўлиш хислатларини тарбиялаган, дунёқараши, онгу тафаккурини ўзгартирган. Фисқу фасод, орқаваротдан ғийбатларга ўрин қолдирмаган. Аммо ҳозир-чи? Гап-гаштаклар кимларнидир дардини эшитиш, эр-хотин, қайнона ва келин, хуллас, оилавий низоларини, керак бўлса парда ортидаги айрим муаммоларини сирлашадиган жойга айланиб улгурди.

 

— Фарзандларимни ўқитиб, уйли-жойли қилгач, нафақага чиқдим, — дейди Орзугул ая Қаландарова. — Бизни ёшимизда “гап” ўйнаш ҳам кайфиятимизга, ҳам соғлиғимизга фойдали деб ўйлаб, кўнгилга яқин дугоналар келишиб, «гап» ўйнашни режалаштирдик. Уй-рўзғор, невара-чеваралар ташвишидан бир оз чалғиймиз. Аммо бунинг салбий томонлари ҳам талайгина. Тан олиш керакки, бундай давраларнинг бош мавзуси — қайнона-келин муносабатларидир. Кимдир келини, қуда-андаларини ёмонласа, яна кимдир улар олиб келган сарпо-суруқлар билан мақтанади. Бундай ғийбат, мол-дунё билан кибрланишнинг кераги йўқ. “Гап” ўйнашдан мақсад — яқинлар дийдори. Бир пиёла чой устида ёшлик дамларни эслаб, болаликка қайтишнинг завқи бўлакча. Мана шу завққа қора наштар суқишнинг кераги йўқ, назаримда. “Гап”лар ширин ўтса, йиғилганларнинг кайфияти ҳам кўтарилади.

 

Сотиб олинган қарз

Бугун эркаклару аёллар орасида урфга айланган ушбу зиёфатларда зиёфат эгасига бериладиган пул қиймати нимагадир қиёсан аввалдан белгилаб олинади. Кўпчилик рўзғордан чегириб мана шу пулни орттира олар, аммо етказа олмайдиганлар-чи? Ўткинчи ҳою-ҳавасни, бир марталик қорин тўйғазишни деб қанчадан-қанча оилаларнинг тинчи йўқолган? Эр-хотин орасига совуқчилик тушиб, ўртада норасида болаларнинг сарсон бўлгани қоляпти, холос.

 

 — Бир куни маҳалладаги аёллар билан 100 доллардан пул йиғиб, гап ўйнашга келишдик, — дейди фарғоналик Лайло Комилжонова. — Ишлаганим боис аввалига ҳар ойда бунча пулни топишга қийналмадим. Аммо ишдан бўшагач, қийналиб қолдим. Турмуш ўртоғимнинг топгани эса рўзғорни бутлаш, ижара пули тўлашдан ортмай қолди. «Гап»дан чиқиб кетишни ўзимга эп кўрмай,  тўғрироғи, «йиғинга» пул етказолмаганидан чиқиб кетди» деган гап бўлишини истаб гаштакларга боравердим. Турмуш ўртоғимдан яшириб, ойимдан, қўни-қўшни, таниш-билишлардан қарз олиб юрдим. Ўзимни навбатим келган пайт эса йиғилган пулларни моддий эҳтиёжларим учун ишлатиб юбордим. Хуллас, қарзга ботиб қолдим. Пул берганлар эшигимни тақиллатиб келавергач, сиқилганимдан қон босимим ошадиган бўлиб қолди. Оиламизда ҳотиржамлик йўқолди. Саккиз ойлик фарзандимни энагага бериб, ишга қайтишга мажбур бўлдим. Бир йил астойдил ишлаб, қарзларимдан қутулдим. Мана шу воқеа менга бир умрга сабоқ бўлди.

Гоҳида ғурур устунлик қилибми ёки мақтангимиз келибми атрофимиздагиларга ўзимизни кўз-кўз қилгимиз келади. Аммо арзимаган баҳона сабаб ўзимиздаги мана шу ғурурни енга олмаймиз. Одамларнинг ғийбати, фисқу-фасод гапларини оила деб аталмиш муқаддас қўрғондан устун қўямиз. Натижада  эса оилада доимий жанжаллар, моддий ма маънавий етишмовчиликлар юзага келишига ўзимиз сабабчи бўлиб қоламиз.

 

Саёқ юрганим бошимга бало бўлди

Сўнгги пайтларда интернет тармоқларида тарқалаётган хабарларда ўзаро жанжаллашиб қолганларнинг бир-бирига оғир тан жароҳати етказганига тез-тез гувоҳ бўлаяпмиз. Бундай жиноят кўчасига кириб қолганлар орасида, таассуфки, хотин-қизлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, гулдек умрини хазон қилиб, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик домига тушиб қолаётганлар кўпинча дугоналари, таниш-билишлари билан йиғилиб, тез-тез кафе-ресторанларга келиб турадиган, кейинчалик эса бу ернинг доимий мижозига айланган бўлиб чиқади.

 

— Дадам оилада кенжа фарзанд бўлгани учун биз катта ҳовлида қолгандик, — дейди Нигина Содиқова. — Бобо ва бувим вафотларидан сўнг амакиларим ва аммаларим ўртасида уй-жой можароси кўтарилди. Икки йил давом этган бу муаммолардан чарчаган ота-онам барчасига қўл силтаб  чет элга ишлагани кетди. Ўшанда мен ўн тўрт ёшда эдим. Ота-онам мени шаҳардаги узоқроқ қариндошимиз — Гулноза опага ташлаб кетди. Гулноза опа фарзандсизлиги учун турмушидан ажраб, ёлғиз яшарди. Шунинг учун у спиртли ичимликлар ичар, чигарета чекарди. У гоҳида мени уйда ёлғиз қолдиргиси келмай таниш билишлари, дугоналари билан бўладиган гап-гаштакларга ўзи билан бирга олиб борарди. Бу пайтда мен айни балоғат ёшида бўланим учунми бундай давраларга тез киришиб кетдим.

 

Бирор касб-ҳунарнинг бошини тутмадим. Ўзимга ўхшаган дугоналар орттирдим. Улар билан кунда-кунора тўпланиб, зиёфатма-зиёфат юрардик. Бундай гап-гаштаклар ўйин-кулгу, спиртли ичимликлар ичиш ва чекишсиз ўтмасди. Бу заҳри қотилни ичсам ўзимни йўқотиб қўярдим. Нима қилаётганимни билмасдим. Бунинг оқибатида бетартиб ҳаётга ўргандим. Яқинда шифокорлар менда ОИВ инфекциясини аниқлади. Шундагина хато қилганимни англадим. Касаллигимдан ота-онамнинг хабари йўқ. Уларнинг ҳам юзларини ерга қаратдим, бошини эгдим. Менга бўлган ишончларини суиистеъмол қилдим.

 

Аёл деган буюк номга бирор гард юқишининг ўзи хунук. Гап-гаштак баҳона тўпланган хотин-қизлар даврасида бўлаётган гап-сўз, ғийбатлар, турли миш-мишлар кўпларнинг бошини эгяпти. Одамларнинг тинч-осуда ҳаётига, ор-номусига чанг солаяпти. Охир-оқибат ўзимиз билиб-билмай «оммавий маданият» ботқоғига қулаяпмиз. Бундай иллатларнинг олдини олиш, ундан фақат яхши мақсадлар йўлида фойдаланиш ўз қўлимизда. Зеро, яқинлар дийдори том маънода яхшиликка хизмат қилсин. «Гап»дан гап чиқмасин. 

 

Баҳринисо МАДУМАРОВА

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика