Гессен федерал штатидаги Лоҳра қишлоғида яшовчи фуқаро санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга автомобиль сотгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақида Марбург туман суди маълум қилди.
Ҳукм 8 июль куни чиқарилди. 56 ёшли автосалон ходими Россияга санкцияларга қарамай, жами 5 миллион евродан ортиқ 71 та ҳашаматли автомобилни сотишда айбланган. Бу сумма эвазига эркакнинг мол-мулкини мусодара қилишга қарор қилинди.
Дилер фирибгарлик йўли билан автомашиналарни учинчи давлатларга экспорт сифатида сотишни расмийлаштирган. Тинтув чоғида унинг уйидан учта қимматбаҳо машина ва салкам 130 минг евро топилган.
Маълумот учун, 2023 йил июнь ойида двигатель ҳажми 1,9 литр ва ундан ортиқ бўлган барча автомобиллар, шунингдек, барча гибрид ва электромобилларни Евроиттифоқ давлатларидан Россияга етказиб беришга чеклов қўйилган.


