Германияда 2 февраль, душанба куни жамоат транспорти тизими деярли тўлиқ тўхтаб қолди. Мамлакатдаги энг йирик касаба уюшмалардан бири — Верди томонидан эълон қилинган 24 соатлик иш ташлаш сабаб метро, автобус ва трамвайлар қатнови бекор қилинди. Акция тахминан 90–100 минг нафар жамоат транспорти ходимини қамраб олган. Бу ҳақда A News хабар бермоқда.
Касаба уюшмаси ишчиларнинг сменаларини қисқартириш, кечки пайт ва дам олиш кунларидаги меҳнат учун юқорироқ ҳақ белгилаш, шунингдек айрим ҳудудларда иш ҳақини қарийб 10 фоизга оширишни талаб қилмоқда. Верди вакили Андреас Шаскертнинг айтишича, агар иш шароитлари яхшиланмаса, соҳада ходимлар етишмаслиги янада кучаяди.
Иш ташлаш Қуйи Саксониядан ташқари деярли барча федерал ерларда жамоат транспортига таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, узоқ масофали ва минтақавий поездлар одатдагидек қатновни давом эттирмоқда. Қишки совуқ ва музлаган йўллар эса пиёда ёки велосипедда ҳаракатланишни янада хавфли қилган.
Транспорт операторлари, жумладан Берлиннинг БВГ компанияси, иш ташлашни «номутаносиб» деб баҳолаб, касаба уюшмасини музокараларга қайтишга чақирди. Айни пайтда Гамбург ва Саарбрюккен каби шаҳарларда иш ташлашни қўллаб-қувватловчи намойишлар ўтказилиши режалаштирилган. Бу акция Германияда давлат секторида меҳнат шароитлари атрофидаги кескинлик кучайиб бораётганини яна бир бор кўрсатди.


