Германия ҳукумати марихуанани қисман қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар бермоқда ҳукумат матбуот хизмати. Энди у парламент томонидан кўриб чиқилиши керак.
Қонун лойиҳаси 18 ёшдан ошган одамларга шахсий фойдаланиш учун учтагача наша тупини этиштиришга рухсат беради. Шунингдек, 25 граммгача наша сақлаш энди жиноий жавобгарликка тортилмайди.
Бундан ташқари, ҳужжатда ўз аъзоларини наша маҳсулотлари билан таъминлайдиган етиштириш уюшмалари ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган. Уюшмалар 500 дан ортиқ бўлмаган аъзоларга эга бўлиши мумкин, улар клубдан ойига 50 граммгача наша олишади.
Шу билан бирга, 21 ёшгача бўлган уюшма аъзолари наша маҳсулотларидаги THC миқдори 10 фоиздан ошмаслиги шарти билан фақат 30 грамм олишлари мумкин.
Уюшма аъзоларига клублар ҳудудида ва улардан 200 метр масофада наша ишлатиш тақиқланади. Клубларнинг ўзи мактаб ва боғчаларга 200 метрдан яқинроқ бўлмаслиги керак, деб ёзади Deutsche Welle.
Нашрнинг аниқлик киритишича, қонун лойиҳаси биринчи навбатда марихуанани декриминаллаштиришга қаратилган. Кейинги қадам қонунийлаштиришдир. Кейин ихтисослаштирилган дўконлар наша ва THCʼни ўз ичига олган маҳсулотларни сотиши мумкин, аммо фақат маълум ҳудудлар ва шаҳарларда.


