Оҳангаронда машинаси жарима майдонига олиб кетилаётган ҳайдовчи ўзини автомобилдан ташлаб юборди.
Жорий йилнинг 20 май куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Ўзар қишлоғи ҳудудидан ўтган “Нурафшон-Оҳангарон” автомобиль йўлининг 52-километрида Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, “ВАЗ-2121” русумли давлат рақами 10 Н 526 ЕА бўлган автомашина ЙҲХБ инспекторлари томонидан текшириш учун тўхтатилганда, ҳайдовчи 1995 йилда туғилган Ғ.Ш.нинг ушбу автотранспортни бошқариш учун меъёрий ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 1-қисми билан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун, ЙҲХБ инспектори бошқарувида олиб кетилаётганида ўзини машинадан ташлаб юборган.
ЙҲХБ инспекторлари томонидан фуқаро Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Шифохонада унга “Бош мия очиқ жароҳати, бош мия қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиб синиш” ташҳиси қўйилган.
Фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шаҳрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан 6 июнь куни соат 23:00 ларда вафот этган.
Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.


