Адлия вазирлиги ахборот хизмати 2024 йилнинг 20 январидан 20 мартига қадар ҳуқуқий акция ўтказилишини маълум қилди. Ҳуқуқий акция доирасида қуйидаги шахсларга ёрдам берилади:
-
Туғилиши қайд этилмаганлиги оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахслар;
-
Яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган шахслар;
-
Туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмаганлиги сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахслар;
-
тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказишда ёки қайта рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келаётган шахслар;
-
кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахслар.
Мазкур ҳуқуқий акция доирасида, жумладан:
-
қайд этилмаган туғилганлик ва ўлим ҳолатлари республика миқёсида хатловдан ўтказилади;
-
фуқароларнинг ушбу турдаги мурожаатлари жойлардаги туман (шаҳар) адлия бўлимларида ташкил этилган махсус штаблар ёки "1148" қисқа рақамли ишонч телефони орқали тезкорлик билан қабул қилинади;
-
сайёр қабуллар ташкил этилади.
Натижасига кўра, мазкур шахсларнинг:
-
туғилганлиги қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади;
-
яқин қариндошларининг ўлими қайд этилиб, гувоҳнома (маълумотнома)лар берилади;
-
туғилиш ёки ўлим ҳақидаги фактларни белгилаш юзасидан судларга аризалар киритилади ва суд ҳужжати асосида туғилиш (ўлим) қайд этиб берилади;
-
тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказишда ва қайта рўйхатдан ўтказишда кўмаклашилади;
-
кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга ваколатли органлар билан биргаликда амалий ёрдам кўрсатилади.


