Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Ҳиндистон Россия президенти Владимир Путиннинг 4–5 декабрь кунлари Нью-Деҳлига амалга оширадиган давлат ташрифи чоғида янги мудофаа битимларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Музокаралар бешинчи авлод Su-57 қирувчи самолётлари ва замонавий S-500 ракетага қарши мудофаа тизимининг модернизация қилинган версиясини харид қилиш масалаларини ўз ичига олиши кутилмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, мазкур музокаралар “Трамп маъмурияти Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни камайтиришга интилаётган бир вақтда” ҳам режалаштирилган. Агентликнинг қайд этишича, бундай потенциал келишув Ню-Деҳлининг АҚШ билан савдо ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларига маълум босим ўтказиши мумкин.
Шу билан бирга, Ҳиндистон мудофаа вазири ўринбосари Ражеш Кумар Сингх 28 ноябрь куни Россия президенти Путиннинг бўлажак ташрифи доирасида қўшимча S-400 ҳаво мудофаа тизимлари етказиб берилишига оид масалалар ҳам муҳокама қилиниши эҳтимолини билдирди. Унинг сўзларига кўра, “мавзу кун тартибидан чиқарилмайди, бироқ расмий баёнот кутмаслик керак”.
Кремлнинг маълум қилишича, Путин ташрифи давомида Россия–Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, мудофаа, илм-фан, маданият ва бошқа соҳалардаги кенг қамровли стратегик шериклик масалалари, шунингдек, глобал ва минтақавий долзарб муаммолар батафсил кўриб чиқилади.


