Ҳиндистоннинг Карнатака штатига қарашли Кумта туманидаги Раматиртҳа тоғ ҳудудида полиция Россия фуқароси Нина Кутина ва унинг икки нафар ёш фарзандини ғордан топди. Бу ҳақда PTI агентлиги хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, 40 ёшли Кутина Ҳиндистонга иш визаси асосида келган ва дастлаб Гоа орқали Гокарна шаҳрига йўл олган. Кейинчалик у олти ёшли қизи Прея ва тўрт ёшли ўғли Ама билан Раматиртҳа тепаликларидаги ўрмон ҳудудига йўл олган.
Полиция маълум қилишича, оила ғорда тахминан икки ҳафта яшаган. Улар топилгандан сўнг хавфсиз жойга жойлаштирилган ва тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Маълумот учун, Раматиртҳа тепаликлари — диний изловчилар ва зоҳидлар учун машҳур, аммо одатда гавжум бўлмайдиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Кутина яшаган Гокарна шаҳри эса ҳиндулар учун муқаддас жой бўлиб, у ерга бутун дунёдан йога ва медитация ихлосмандлари ташриф буюришади.


