Ҳиндистоннинг Бихар штатидаги Темта қишлоғида жодугарликда айбланган бир оиланинг беш аъзоси ваҳшийларча ўлдирилди. Полиция мазкур воқеа бўйича уч нафар гумонланувчини ҳибсга олди. Бу ҳақда CBS News ахборот агентлиги хабар берди.
Воқеа 5 июлга ўтар кечаси содир бўлган. Тахминан 50 нафар маҳаллий аҳолидан иборат оломон оила аъзоларининг уйига бостириб кириб, уларни тиғли қуроллар билан ўлдирган ва жасадларини ёқиб юборган. Қурбонлар орасида уч нафар аёл ҳам бўлган.
Оиладан фақат 16 ёшли ўғил омон қолган. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса содир бўлган кечаси, соат 22:00 атрофида, оломон онасини жодугарликда айблаган ва кейин барча аъзоларга ҳужум қилган.
Ҳодиса маҳаллий аҳоли орасида тарқалган жодугарликка оид ишончлар билан боғлиқ. Воқеадан 10 кун аввал қишлоқда бир бола касалликдан вафот этган, унинг акаси эса ҳозиргача хасталикка чалинган. Аҳоли бу касалликни марҳум оила "жодугарлик орқали" келтириб чиқарган деб гумон қилган.
Бихар полицияси воқеа юзасидан махсус тергов гуруҳи тузди. Қишлоқ аҳолиси орасидан яна бир нечта шахс воқеа билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги боис гумон қилинмоқда. Тергов давом этмоқда.


