Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини белгилаш ва қайта кўриб чиқиш “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилади. Амалдаги тартибга кўра, сув таъминоти корхоналари томонидан ишлаб чиқилган тариф таклифлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, ҳудудий монополияга қарши ва молия органлари хулосалари олинади ҳамда якунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тарифларнинг қайта кўриб чиқилиши ичимлик суви ва оқова сув хизматлари сифатини яхшилаш, тизимни модернизация қилиш ва барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади. Тарифлар маҳсулот таннархига киритилган харажатлар — электр энергияси, иш ҳақи, реагентлар, таъмирлаш ишлари, инфратузилмани ривожлантириш, халқаро молия институтлари олдидаги мажбуриятлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар асосида шаклланади.
Сўнгги йилларда сув таннархи билан амалдаги тарифлар ўртасидаги тафовут сезиларли даражада кенгайган. Бунга истеъмолчилар сонининг кўпайиши, сувни узоқ масофаларга юқори қувватли насослар орқали етказиш зарурати ва энг асосийси — электр энергияси нархининг кескин ошгани сабаб бўлмоқда. Хусусан, электр энергияси нархи 2023 йил октябридан буён деярли икки баравар кўтарилган. Бугунги кунда 1 куб метр ичимлик сув таннархида энг катта улушни иш ҳақи (30 фоиз) ва электр энергияси (19 фоиз) ташкил этади.
Амалдаги тарифлар билан ҳисобланганда, республика бўйича марказлашган тармоқлар орқали етказилаётган ичимлик сувининг 1 литри ўртача 3,3 сўмга тўғри келади. Бу савдо дўконларидаги қадоқланган сув нархидан минг мартадан ортиқ арзон. Шунга қарамай, ҳудудларда тарифларнинг ўз вақтида қайта кўриб чиқилмагани сабабли сўнгги йилларда юзлаб миллиард сўмлик зарар юзага келгани қайд этилмоқда. Таққослаш учун, жаҳон амалиётида Ўзбекистонда ичимлик суви нархи (1 м³ учун 0,27 АҚШ доллари) энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда.


