“Билиб қўйинглар, давлатнинг ҳар бир сўми бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади. Жавобгарлик муқаррар, жазо қаттиқ бўлади!” дея таъкидлади Президент.
Шу муносабат билан яқинда Президент Администрацияси ва давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди. Қисқа муддат ичида буджетга тушум, талон-торож ва молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм, шунингдек ташқи савдо операцияларида 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқланган.
Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилди ва 55 нафар шахс қамоққа олинди. Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм буджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б. Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р. Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келгани қайд этилди. Президентимиз юқори касбий компетенцияларга эга, талабчан ёш раҳбарлар корпусини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.
Ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлсада, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишлаётгани кўрсатилди. Шу билан бирга, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида раҳбар кадрларнинг барчасининг ёши 50 ёшдан кичик.
Раҳбарликка ёш кадрларни қўйиш, пенсия ёшидаги ходимларнинг тажрибасидан мураббий ва ўқитувчи сифатида фойдаланиш ҳамда маҳаллада ёшларга устозлик қиладиган тизим яратиш муҳимлиги қайд этилди.


