Ёлғиз эркакман. 1 хонали уйда ўзим яшайман. Барча қулайликларга эга. Икки нафар қизни шерикликка оламан.”
Айни кунларда ижтимоий тармоқлар бу каби эълонлар билан тўлган. Бугун сентябрь ойининг тўртинчи куни. Ўқиш бошланишига эса атига икки кунгина вақт қолди. Шу боис ҳозирда пойтахтга вилоятлардан талабалар “оқиб” келмоқда. Ижара уйлар нархлари эса “Тошкент телеминораси” бўйига етган. Юқоридаги эълонлардан кишининг ҳафсаласи пир бўлади. Англаш мумкинки, бу каби эълонлардан талаба учун нажот йўқ.
Осмонўпар нархлар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Тошкентнинг бағрида улғаяётган талаба ижарага уй қидириш, уй эгасининг турли инжиқликларига чидашу, фалон пул тўлаб, кези келганда дурустроқ овқат ейишга ҳам пул тополмай, баъзи ҳолатларда, охир-оқибат уйдан ҳайдалиш каби қийинчиликлар захмини яхши англайди.
Тошкент талабаларни севмайди. Мисол келтириш учун, охирги 10 кунликка назар ташлайлик. Олийгоҳларда ўқув йилининг анъанавий шаклда бўлиши маълум бўлгандан бери риелторлар анча бойиб қолди. Ёз ойлари 200 долларга харидор тополмай юрган ижара берувчилар бугун уй учун киши бошига, энг камида, 50 доллар сўрамоқда. Беш қўл баробар эмас. Шундай экан, талабаларнинг ҳаммасида ҳам бундай имконият йўқ. Тошкентда таниш-билиши, бирор яқини, уйи бўлмаган талаба ижара азобини татишга мажбур.
Бугун талабаларни қийнаётган бунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан “Ижарага уй берилади” деб ёзилган эълонларнинг айримларига қўнғироқ қилдик:
1-қўнғироқ: “Икки хонали, кўп қаватли уйда турувчи ёш оила (аслида, уларнинг ўзлари ҳам бу ерда ижарачи). Уйнинг бир хонасига 2 нафар қиз оламиз, нархи 50 доллар.”
Эълонда кўрсатилган телефон рақамга қўнғироқ қилдик. Қисқа суҳбатдан сўнг у бизга талаба қизларни олмаслигини айтди. Нега, деб сўраганимизда: “Ўзимиз ҳам студент бўлганмиз”, — дея жавоб қайтарди.
2-қўнғироқ: Шаҳар марказидан анча узоқда жойлашган, лекин барча қулайликларга эга, икки хонали уй. Бир фарзанди боғча ёшида, иккинчиси эса ҳали онаси қўлидан тушмаган гўдак. Иккинчи хонага, шерикликка 50 доллардан иккита қиз олмоқчи экан. Суҳбат давомида кичкинтой фарзандининг йиғиси телефон карнайларини ёриб ўтаётгандек эди, гўё. Бундан англаш мумкинки, бу уйда яшаб, дарс қилиш амримаҳол.
3-қўнғироқ: Ҳар томонлама қулай, барча шароитларга эга бўлган уй. Икки хонали ва фақатгина 2 нафар қиз болага ижарага берилади. Киши бошига 100 доллардан. Одам ўйланади. Талаба ишламаса, бахти билан давлат гранти асосида ўқиган тақдирида ҳам ижара пулини тўлайдими ёки кунлик эҳтиёжларини қоплайдими? Aгар тўлов контракти асосида бўлсачи!?
4-қўнғироқ: “Икки хонали бўш уй, қулайликларга эга, янги таъмирдан чиққан. Фақатгина қизларга берилади. Нархи 300 доллар”.
Бундай эълонлар кўп учради. Кўпроқ қиз яшаса, бу суммани эпласа бўлади. Телефон қилганимизда биз билан суҳбатлашаётган одам уй эгаси эмас, маклер эканини билдик. Демакки, ижара пулига қўшимча 50 фоиз миқдорда қўшимча хизмат ҳаққи қўшиб бериш керак. Биринчи ойда бу уйнинг ижара нархи 450 долларга айланади. Уни ҳам бир ой амаллаб турса, кейинги ойдан изига тушади. Лекин уй шартларига кўра, максимал 4 киши яшаши керак. Бунда ҳар бир ижарачига биринчи ой учун қарийб 110 доллар, кейинги ойлар учун эса 75 доллардан тўлаши керак бўлади.
Шунга ўхшаш, нархи ҳам бир хил бўлган бир нечта уйларнинг эълон берувчилар билан гаплашганимизда эса талабаларга асло берилмаслиги ҳам айтилди.
5-қўнғироқ: Ўзи ҳам университет талабаси бўлган қиз ота-онаси олиб берган уйга шерик олмоқчи. Бутун бошли икки хонали уй нархи 200-250 доллар бўлиб турган бир вақтда, у бир хонага 4 нафар қизни 50 доллардан жойлаштирмоқчи. Сарсонлик ва тинимсиз излашдан чарчаган талабанинг рози бўлишдан ўзга чораси йўқ.
Маъқул келганини айтиб, ижара шартномаси тузиш ҳақида гапирганимизда ижара берувчининг муомаласи кескин ўзгара бошлади:
— Узр, лекин бу борада ёрдам бера олмайман. Шартнома тузсам, ўзим ҳам солиқ тўлашим керак. Ишонманг, давлат барибир 50 фоиз пулини тўлаб бермайди. Яқинда бир дугонам роса “кетидан қувди”, ололмади, — деб гап бошлаб кетди. Ваҳоланки, ҳали бери давлат тўлаб бериши ҳақида гапирмаган эдик.
P.S.: Тошкент шаҳрида ижарага уй берувчиларнинг катта қисми, ноқонуний иш юритади ва ижара шартномаси тузишни истамайди. Aсосий сабаблардан бири, уй ўзларига тегишли эмас ва шартномадан сўнг солиқ тўлашга мажбур бўлади. Молиявий кўмакка муҳтож талабалар ижара ҳақининг маълум қисмини давлат томонидан қоплатиш учун ижара шартномасига эга бўлиши шарт. Молиявий кўмакдан ташқари, агар ижара шартномаси тузилмаса, ижара берувчи истаган вақтида уй нархини кўтариши, қўшимча талаблар қўйиши ёки талабани уйдан ҳайдаши мумкин. Бундай ҳолатга дуч келганлар сони жуда кўп.
6-қўнғироқ: “Уч хонали, барча қулайликларга эга кўп қаватли хонадон. 350 доллар. Икки ойлик ижара пулини аввалдан бериш керак. 4 нафардан ортиқ талаба олинмайди”.
Шартнома ҳақида гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ.
7-қўнғироқ: 4 хонали уйда яшовчи зиёли оила. Уй эгалари университетда дарс беришади, иккита талаба қиз олмоқчи. Нархи киши бошига 1 миллион сўм, лекин эълонда 600 минг сўм деб кўрсатилган.
Университетнинг зиёли ўқитувчилари ёлғон эълон жойлаб турса, бошқалардан ўпкалашнинг кераги йўқ.
Санасак охири кўринмайди. Эълонларнинг сони ҳам тури ҳам кўп. Aрзони жуда хароб, яшаб бўлмайди, бир хонада 7 кишигача яшайди, қимматини оддий талабанинг чўнтаги кўтармайди. Бу нархга яшаса овқатланмаслиги керак. Қайсидирининг ҳужжатлари билан муаммо бўлса, яна бирида оиланинг ёнига шерикликка олинади. Ҳеч бир ота-она, шубҳасиз, қизи олис жойда бегона эркак бор бўлган уйда яшашини истамайди. Кўп эълонларда “Фақат никоҳ гувоҳномасига эга бўлган оила учун”, деб ёзилган.
Талаба қизларнинг бахти — қиз бола бўлгани! Уларга амаллаб жой топса бўлади. Эълонларни кўриб чиқар эканмиз, “Йигитлар учун” дейилганларини деярли кўрмадик ҳисоб. Нега, деб сўрасак, ўғил болаларга ишонч йўқлиги, ижара уйни хароб қилиб ташлашини айтишди.
Сир эмас, талабалар орасида кунлаб ижарага уй тополмай, ярим кечаси кўчада юклари билан қолиб кетган, ота-онаси билан бирга келиб, сарсон бўлган, уйма-уй юриб, жой излаган, бор пулини меҳмонхона-ю, ифлослигига чидаб бўлмайдиган кунлик турар жойларга сарфлаганларни ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Тошкентдек азим шаҳарга катта умидлар билан, иштиёқ ва шижоатга тўлиб келган талабага бу қандай таъсир кўрсатади? Талаба нима қилсин?
Шу ҳолатда оиласининг молиявий ҳолатини ўйласинми, ўқисинми, ёки турар-жой муаммолари билан ўралашиб юрсинми?
Маълумки, барча олий таълим муассасаларда ётоқхоналар сентябрь ойининг 15-санасига қадар ёки ундан ҳам кеч муддатда талабаларга тақсимлаб берилади. Шунда ҳам барча эҳтиёжманд талабани қамраб олишнинг имкони йўқ. Шу 15-20 кун оралиғида ҳам талаба нима қилсин? Қаерда қолсин?
Мабодо, ижарага уй топа олмаса ёки пул тўлашга қурби етмаса, дарсларда қатнашмаслиги мумкинми? Дарс қолдиргани учун жавобгарликка тортилмайдими?
ОТМлар ўз талабаларини оғир аҳволда қолдирмаслик учун нега ётоқхонани тақсимлаш жараёнларини дарслар бошлангунча йўлга қўя олмайди? Нега талаба сарсон бўлиши, ҳар эшикка бош уриб бориши керак? Яшаб турган жойидан истаган вақтида қувилишини билиб туриб, бу азобларга кўниши керакми? Ижара шартномаси туздира олмаса ижара пулининг маълум қисми қоплаб берилмайдими? Ётоқхона муаммоси қачон ҳал бўлади ва айни кунларда талабаларга қулайлик яратиш учун нималар қилиняпти? Бу саволлар ҳозирча жавобсиз, лекин мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.
Мафтуна Режаббоева тайёрлади


