Индонезиянинг Ява оролида 5,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлган, яна 700 киши жароҳатланган. Ярадорларнинг кўпчилиги қулаган бинолар остидан олиб чиқилган.
Шунингдек, зилзила натижасида ўнлаб бинолар, жумладан, ислом мактаб-интернати, касалхона ва бошқа давлат муассасалари вайрон бўлган. Қурбонлар сони яна ортиши мумкин.
Ер силкинишлари Индонезияда тез-тез содир бўладиган ҳодисадир, бироқ мамлакат пойтахти Жакартада камдан-кам сезилади. Бу сафар пойтахтда кўп қаватли уйлар чайқалди, айрим аҳоли пунктлари эвакуация қилинди.


