1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

“InnoWeek”: таълим, фан ва бизнес ўртасидаги мулоқот

Тошкентда инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги бошланди.

“InnoWeek”: таълим, фан ва бизнес ўртасидаги мулоқот

Бугун, 9 октябрь куни Тошкентда InnoWeek-2025 инновацион ғоялар халқаро ҳафталигига старт берилди. Бу ҳақида тадбирда иштирок этаётган Zamon.uz мухбири хабар бермоқда.

 

Қайд этилишича, бу йил ҳафталикда йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, венчур фондлар, молия ташкилотлари, халқаро маълумотлар базаларининг вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Хитой, Малайзия, Cингапур, Япония, Корея, Венгрия, Германия, Франция, Нидерландия, Швеция, Ҳиндистон, Эрон, Қувайт, Беларус, Арманистон, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби дунёнинг 30 га яқин давлатларидан жами 230 нафардан ортиқ вакиллар ва элчилар иштирок этмоқдалар.

 

15 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этилган кўргазмада инновацион лойиҳа ва ишланма намойиш этилмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ушбу йирик тадбирда Хитой, Корея, Япония, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Германия, Венгрия ва Қозоғистон каби давлатларнинг инновацион компаниялари ва технологик марказлари ҳам ўз илғор маҳсулот ва технологияларини тақдим этадилар.

 

Ҳафталик доирасида иштирокчилар учун илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги билим ва кўникмаларни ошириш, шунингдек, халқаро тажриба алмашиш имкониятини берувчи 30 га яқин илмий-амалий тадбирлар ўтказилади. Хусусан, ҳафталик давомида 18 та  халқаро даражадаги форум, конференция ва семинарлар, 11 та маҳаллий миқёсдаги мутахассислар учрашуви ва тақдимотлар, Б2Б учрашувлари, музокаралар ҳамда «ДемоДай» ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар инновацион экотизим вакиллари, олимлар, ёш тадқиқотчилар, стартапчилар ва соҳага қизиқувчилар учун долзарб мавзуларни муҳокама қилиш, энг сўнгги илмий янгиликлар билан танишиш ҳамда халқаро экспертлар билан бевосита мулоқотда бўлиш учун имконият яратади.

 

Ҳафталик давомида шунингдек, Ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича ишланмалар танловининг республика босқичи, “Рақамли технологиялар ёшлар нигоҳида” танлови ҳамда “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

 

Шунингдек, халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида илк маротаба “Innowomenweek-2025” – ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги ўтказилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика