3 февраль куни БАА пойтахти Абу-Дабида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” мукофоти форуми бўлиб ўтди. Унда мукофот ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, инсоний биродарликни мустаҳкамлашда аёллар етакчилигининг ҳал қилувчи ўрни борлигини қайд этди.
Мирзиёеванинг таъкидлашича, инсоний биродарлик баландпарвоз шиор эмас, балки амалий танловдир. “Бу — одамларни тоифа ёки ёрлиқ сифатида эмас, инсон сифатида кўриш ва бир-бирига бефарқ бўлмаслик демакдир”, деди у. Унинг сўзларига кўра, аёллар етакчилиги кўпинча расмий лавозимлардан олдин — оилада, мактабда, маҳаллада шаклланади.
Форумда у оиладаги зўравонлик масаласига алоҳида тўхталиб, зўравонлик мавжуд бўлган жамиятда биродарлик ҳақида гапириш мумкин эмаслигини айтди. Шу боис инсон қадр-қимматини реал ҳимоя қиладиган, амалда ишлайдиган қонунлар ва халқчил суд тизими зарурлиги таъкидланди.
Саида Мирзиёева Ўзбекистондаги тажрибага ҳам тўхталиб, аёллар ҳозирда парламент ўринларининг қарийб 40 фоизини эгаллаётганини, бироқ ижро ҳокимиятида ҳам мувозанатни таъминлаш доимий устувор вазифа бўлиб қолишини билдирди. Унинг айтишича, аёллар иштирок этган қарорлар кўпроқ инсон манфаатлари ва узоқ муддатли барқарорликка йўналтирилади.
Маълумот учун, Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти 2019 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳар йили 4 февраль — Халқаро инсон биродарлиги куни муносабати билан топширилади. Мукофот жамиятда тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварликни тарғиб қилган шахс ва ташкилотларни тақдирлайди.


