Ирландия расмийлари Украина президенти Владимир Зеленскийнинг самолёти яқинида номаълум дронлар кузатилганини тасдиқлади. Ҳодиса Зеленскийнинг Ирландияга ташрифи чоғида содир бўлган. Бу ҳақда Украина президенти маслаҳатчиси Дмитрий Литвин маълум қилди дейди dw.com нашри.
Литвиннинг сўзларига кўра, дронлар ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлган, аммо ташриф хавфсизлигини бузмаган ва йўналишни ўзгартиришга мажбур қилмаган. Самолёт Дублин аэропортига белгиланган вақтда етиб келган.
Ирландиянинг The Journal ва The Irish Times нашрларига кўра, самолётга тўртта бешта номаълум дрон яқинлашган. Улар Дублин чеккасидаги Хаут шаҳри атрофида учган ва қисқа вақт Ирландия ҳарбий-денгиз кучлари кемаси устида сузиб юрган. Ҳарбий ва полиция хизматлари ҳаво ҳужумига қарши чоралар кўрмаган.
Ирландия полицияси ва Адлия ҳамда Мудофаа вазирликлари ҳодисани суриштиришга жалб этилган. Дронларнинг келиб чиқиши ва учирилган манбаси аниқланмоқда. Гувоҳларнинг маълумотларига кўра, улар ҳарбий тоифадаги дронлар бўлган.
Зеленский ташрифи давомида Ирландия етакчилари ва парламент аъзолари билан учрашувлар муаммосиз ўтган.
Украина президенти аввалроқ Европанинг бир қанча давлатларида, жумладан, Дания, Швеция, Германия, Бельгия, Полша ва Руминия аэропортлари яқинида номаълум дронлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берган. Зеленский бундай провокациялар ортида Россия турганини таъкидлаб, Ғарб давлатларини Россия кемаларига қарши чораларни кучайтиришга чақирган.


