Ироқ бош вазири Муҳаммад ас-Судани Америка қўшинларининг мамлакат ҳудудида чекланмаган муддатга қолиши тарафдори эканини айтди. Бу ҳақда у The Wall Street Journal газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизга хорижий кучлар керак деб ўйлаймиз. АҚШ ва НАТО кучлари Ироқ аскарларини ИШИДга қарши курашга тайёрлайди.ИШИДни йўқ қилиш учун маълум вақт керак деб ўйлаймиз”, — деган бош вазир.
Ҳозирда Ироқ ҳудудида 2 минг АҚШ ҳарбийлари бор. Улар маҳаллий кучларни тайёрлаш ва консультатив хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади. Шунингдек, НАТОнинг ҳам бир неча юз аскари мамлакатда қолмоқда.
Муҳаммад ас-Судани, шунингдек, ҳам Эрон билан, ҳам Америка билан яхши муносабатларда бўлишни исташини айтган.


