Тухелнинг "Бавария"дан эрта кетиши унинг обрўсини ерга ургандек бўлди. Мураббийларнинг жамоадан кетиши одатий ҳол бироқ, бу элита мураббийларига унчалик тааллуқли эмас. Томас немис клубининг муваффақиятсизлигида асосий айбдор деб талқин қилинди. Биринчи навбатда, оммавий ахборот воситаларида у тажрибали ўйинчилар билан баҳслашаётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Шу каби хабарлардан кейин, "Бавария" раҳбарияти унинг кетишини эълон қилди. Томас ҳақиқатан ҳам чемпионатда муваффақиятсизликка учради. Аммо яхши услубга мослашиб олган "Байер" билан рақобат қилиш қийин эди. Бундай эртаклар бир неча ўн йилда бир марта содир бўлади. Мураббий бу борада шунчаки омадсизликка учради. Аммо у Чемпионлар Лигасини ажойиб ўтказди ва жамоани ярим финалга қадар олиб чиқди. У ерда эса турнирнинг бўлажак ғолиби "Реал" билан рақобатлашди. Ўтган мавсум охирида "Бавария" вазиятни қайтадан бошлашга ва мураббийни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Томонлар ҳатто музокаралар ҳам олиб боришди, аммо натижа бўлмади. Тухел клубни тарк этди. Англияда кўпчилик Томас Эрик тен Хаг ўрнига асосий номзодлардан бири эканлигини тахмин қилишди. Бу ҳақда ёзда турли миш-мишлар пайдо бўлди. Кейинчалик немис мураббийи Монакода "Манчестер Юнайтед" хўжайини билан учрашиб, келгуси ишларни муҳокама қилган. Сентябрь-октябрь ойларида миш-мишларнинг янги тўлқини пайдо бўлди. Афтидан, "Манчестер Юнайтед" ниҳоят амалдаги мураббий билан хайрлашишга қарор қилгани ва энди унинг ўрнига бошқа мураббий қидираётгани маълум қилинди. Тахминларга кўра, немис мураббийи клубнинг таклифини қабул қилса, баъзи шартларга рози бўлади. Аммо ҳозирча бу борада аниқ суҳбатлар ташкил қилинмаган. Қизиғи шундаки, Тухелнинг номзоди аллақачон оммавий ахборот воситаларида фаол қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ дарвозабони Петер Шмейхел немис мураббийи клуб учун деярли идеал номзод эканини айтган. Яна бир қанча фахрийлар ҳам худди шу фикрни билдиришган. Бу орада Англия терма жамоасига тез орада янги мураббий тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ли Карсли бош мураббий бўлишга тайёр эмаслигини, шунинг учун ўрнини босувчи бошқа номзодни кутаётганини айтган. Томас эса бунда ҳам асосий номзодлардан бири бўлиб кўринмоқда. "Велт" порталининг ёзишича, томонлар аллақачон дастлабки музокараларни ўтказган ва айрим инсайдерларнинг қўшимча қилишича, Томас бу ишга қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, федерация ва Тухел вакилларининг алоқалари расмий тасдиқланмаган. Агар Тухел "Манчестер Юнайтед" ёки Англия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланса, бу тузилмаларнинг ҳар бири учун омадли бўлади. "ПСЖ" ва "Челси"даги фаолияти давомида Томас бир томондан тизимли, иккинчи томондан эса тезда натижа келтира оладиган муррабий эканлигини кўрсатган.