Al Jazeera хабарига кўра, Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) 9-август куни Ғазо шаҳрида жойлашган “Аш-Шифа” шифохонаси кириш қисмидаги журналистлар чодига зарба берган. Ҳужум оқибатида телеканал мухбири Анас ал-Шариф ва унинг тўрт ҳамкасби ҳалок бўлган. Улар ҳудуддаги инсоний аҳвол ҳақида маълумот тўплаётган пайтда бўлган.
Исроил ҳарбийлари зарба айнан Анас ал-Шарифга қаратилганини тасдиқлади. ЦАХАЛ баёнотида айтилишича, у ўзини журналист сифатида кўрсатган, бироқ аслида қуролли гуруҳлар аъзоси бўлган. Бироқ Al Jazeera раҳбарияти бу даъволарни қатъиян рад этиб, ал-Шариф расмий аккредитациядан ўтган ва кўп йиллик тажрибага эга журналист бўлганини таъкидлади.
Al Jazeera бош муҳаррири Муҳаммад Муаваднинг сўзларига кўра, Анас ал-Шарифнинг фаолияти туфайли бутун дунё Ғазо секторида давом этаётган ҳарбий можароларнинг асл кўлами ҳақида хабардор бўлиб келган. Халқаро журналистлар ташкилотлари ҳам ҳодисани қоралаб, бу каби ҳужумлар матбуот эркинлигига таҳдид солишини айтди.
БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилнинг ушбу ҳаракатини мустақил тергов қилишга чақирди. Сўнгги ойлар ичида Ғазода юзлаб маҳаллий ва халқаро журналистлар ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди ёки яраландилар. Мутаҳассислар бу ҳолат уруш ҳудудларида журналистлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро механизмларни кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.


