Истанбулда Туркия Миллий разведка ташкилоти (МИТ) ва полиция Бирлашган Араб Амирликлари билан боғлиқ деб гумон қилинган жосуслик тармоғини аниқлади. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ мудофаа саноати ва Ташқи ишлар тизимида фаолият юритувчи муҳим ходимлар ҳақида махфий маълумот тўплаб келган. Бу ҳақда Илкҳа агентлиги хабар бермоқда.
Гуруҳ аъзолари турк ГСМ рақамларидан фойдаланиб сохта профиллар яратган ва улар орқали мудофаа саноати раҳбарлари ҳамда дипломатик алоқа тизимида ишловчи ходимларнинг шахсий ва био-маълумотларини йиғишга уринган.
25 ноябрь куни ўтказилган кенг кўламли операция чоғида уч киши қўлга олинган. Яна бир гумонланувчининг мамлакатдан чиқиб кетгани аниқланиб, унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Ҳозирда қўлга олинган қурилмалар экспертизадан ўтказилмоқда.


