Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси Ҳарбий-илмий ва амалий ривожлантириш маркази катта илмий ходими, истеъфодаги генерал-майор, ҳарбий фанлар номзоди, профессор Александр Владимирович Шишлянников оғир касалликдан кейин 15 сентябрь куни 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
У билан видолашув 16 сентябрь куни соат 11:00 да Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида бўлиб ўтади. Видолашув маросимига Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Халмуҳамедов раҳбарлик қилди.
Александр Шишлянников 1950 йил 3 ноябрда Тошкентда туғилган. 1971 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини тамомлаб, Чехословакиядаги Марказий ҳарбий қўмондонлик ва Германиядаги Ғарбий ҳарбий қўмондонлик бўлинмаларида хизмат қилган. 1993−1995 йилларда Тожикистон мудофаа вазири лавозимида ишлаган.


