Италиянинг Турин шаҳрида бўлиб ўтган оммавий намойишлар полиция билан кескин тўқнашувларга уланиб кетди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, норозилик акциялари қарийб 30 йилдан буён фаолият юритиб келган, сўл қанот қарашларига мансуб Аскатасуна ижтимоий марказининг ҳукумат қарори билан мажбуран ёпилиши ортидан бошланган.
Намойишчилар Бош вазир Жоржа Мелони ҳукумати сиёсатига қарши чиқиб, ҳукуматни норозиликларни куч билан бостириш, ҳудудни ҳарбийлаштириш ҳамда ижтимоий ҳуқуқларга тажовуз қилишда айбламоқда. Акция давомида тошлар, таёқлар ва бошқа буюмлар ишлатилгани сабаб вазият кескинлашган.
ITALPRESS агентлиги маълумотига кўра, тўқнашувлар оқибатида жами 103 киши жароҳат олган. Улар шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати орқали Турин шаҳридаги бир қатор шифохоналарга етказилган. Жароҳатланганлар орасида ҳам намойишчилар, ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бор, бироқ уларнинг ҳеч бирининг аҳволи оғир эмаслиги билдирилган.
Хабарларга кўра, камида икки киши қўлга олинган. Шунингдек, Бош вазир Жоржа Мелони эртаси куни Турин шаҳрига ташриф буюриб, намойиш чоғида қуршаб олиниб, калтакланган полиция ходимини шахсан кўрган. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.


