Жаҳон банки Афғонистонга махсус жамғарма ҳисобидан 280 миллион доллар ёрдам ажратади. Бу ҳақда Le Firago нашри хабар бемоқда.
Маълум қилинишича, Жаҳон банки томонидан бошқариладиган Афғонистонни қайта тиклаш мақсадли жамғармаси (АРТФ) маблағлари мамлакат иқтисодиётидаги кескин вазият туфайли ажратилади.
Жорий йил охиригача пул UNICEF ва Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисобларига ўтказилади, улар афғонларга ёрдам кўрсатишни ўз зиммаларига олишлари керак.
“Ушбу қарор АРТФ портфелидаги маблағларни ҳозирги ўта оғир вақтда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун қайта тақсимлаш йўлидаги биринчи қадамдир”, — дейилади Жаҳон банки баёнотида.
Жаҳон банкининг аниқлик киритишича, UNICEF 100 миллион доллар ва Жаҳон озиқ-овқат дастури 180 миллион доллар олади. Бу маблағлар UNICEF га “12,5 миллион кишини асосий ва зарур тиббий хизматлар билан таъминлаш ва бир миллион одамни иммунизация қилиш” имконини беради. Ўз навбатида, Жаҳон озиқ-овқат дастури 2,7 миллион кишига озиқ-овқат ёрдамини кўрсатиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Афғонистондан 25 минг қочқинни қабул қилишга рози бўлган эди.
Насиба Тўхтаева


