Жаҳон молия бозорларида геосиёсий хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтда олтин нархи кескин ошди. Қимматбаҳо металл қиймати илк бор бир унция учун 5 минг доллар чегарасидан ошди. Бу ҳақда BBС хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилдан буён олтин нархи 60 фоиздан ортиқ қимматлаб, сўнгги ўн йилликдаги энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этди. Мутахассислар буни глобал беқарорлик, сиёсий кескинликлар ва инвесторларнинг хавфдан қочиб, хавфсиз активларга йўналётгани билан изоҳламоқда.
Нархларнинг ошишига халқаро сиёсий вазиятдаги кескинлик ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, АҚШ ва НАТО ўртасида Гренландия масаласи юзасидан юзага келган тортишувлар, шунингдек, молиявий бозорлардаги ноаниқлик инвесторлар ишончига босим қилмоқда. АҚШ президенти Доналд Трампнинг савдо сиёсати ҳам бозорларга таъсир кўрсатмоқда. У 24 январь куни Канада Хитой билан савдо келишуви тузган тақдирда 100 фоизлик бож жорий этилиши мумкинлигини билдирган.
Олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар анъанавий равишда хавфсиз актив сифатида баҳоланади. Бозорларда беқарорлик кучайган даврларда инвесторлар ушбу турдаги активларга устунлик беради. 23 январь куни кумуш нархи ҳам тарихий даражага етиб, бир унция учун 100 доллардан ошди. Бу 2025 йил давомида қарийб 150 фоизлик ўсишдан кейинги навбатдаги ошиш сифатида қайд этилди.
Қимматбаҳо металларга бўлган талабнинг ошишига юқори инфлация, АҚШ долларининг заифлашуви, марказий банклар томонидан олтин харидларининг кўпайиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкалари пасайтирилиши кутилаётгани сабаб бўлмоқда.
Олтиннинг жозибадорлиги унинг камёблиги билан ҳам боғлиқ. Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, ҳозирга қадар дунё бўйича 216 минг тоннадан ортиқ олтин қазиб олинган.


