Мудофаа вазирлиги таркибида давлат муассасаси шаклида Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи ташкил этилади. Тегишли қарор президент томонидан имзоланди, дея хабар бермоқда «Нигоҳ».
Қабул ва ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади, ўқув жараёни давомийлиги икки йил бўлиб, йиллик қабул квота 150 нафарни ташкил этади.
Лицейнинг асосий вазифалари:
- ўқувчиларда халқнинг маънавий-маърифий қадриятларига, маданияти ва урф-одатларига чуқур ҳурматни, уларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари инсоний фазилатларни, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш;
- халқнинг тарихи ва бой маданияти, буюк аждодларнинг қолдирган бебаҳо мероси, ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларининг қаҳрамонлиги асосида Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш ва бошқалар.
Қайд этилишича, лицей ўрта махсус таълим муассасаси ҳисобланиб, Урганч шаҳрида жойлашади.


