Жанубий Кореяда давом этаётган кучли ёмғирлар ва сел тошқинлари мамлакатнинг ғарбий ҳудудларига жиддий талафот етказди. “Yonhap” ахборот агентлигининг хабарига кўра, табиий офат оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлган.
Ўлим ҳолатлари асосан Chungcheongnamdo (Жанубий Чунчхон) провинциясида қайд этилган. Кучли ёғингарчилик сел ва ер кўчкилари хавфини кучайтиргани сабабли маҳаллий расмийлар хавфсизлик чораси сифатида 5 180 нафар аҳолининг вақтинча эвакуациясини амалга оширди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълумотига кўра, табиий офат натижасида жами 496 та давлат объекти, жумладан мактаблар, кўприклар ва йўллар шикастланган. Бундан ташқари, 276 та хусусий мулк — турар жойлар ва кичик бизнес объектлари ҳам зарар кўрган.
Сеул ҳукуматининг билдиришича, табиий офатлар хавфи ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Об-ҳаво мутахассислари ёмғирлар келгуси кунларда ҳам давом этишини прогноз қилмоқда. Ҳукумат томонидан тезкор ёрдам гуруҳлари, ҳарбийлар ва қутқарувчилар ҳодиса жойларига сафарбар этилган.


