Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат парламентида ўзбек—қирғиз чегараси борасидаги келишув бўйича чиқиш қилди.
«Бундай тарихий кунда яширинмасдан, ушбу масала ҳақида ўз фикримни айтишга қарор қилдим», — дейди Жапаров. «Кампир Ободдаги 4127 гектар ер Ўзбекистон билан 1965 йилда алмашилган.»
«Айрим фуқаролар Капмир-Ободдаги сув қуриб қолса, унинг остидаги ер Ўзганда қолсин демоқда. Биринчидан, сув қуримайди, у асрлар давомида оқади. Иккинчидан, сув омбори қуриб қолган тақдирда ҳам бу вақтда биз тенг томонлама алмашинувни амалга ошира оламиз, улар бундан фақат хурсанд бўлади.
Учинчидан, баъзи фуқаролар ушбу битимга Ўзбекистонга бошқа ер бериш кераклиги, сув олдидаги ерни тортиб олиш ҳақида бақир-чақир қиляпти. Ўзбекларнинг калласи яхши ишлайди, шу сабабли улар 30-40 йил олдинга илгарилаб кетган. Биз эса фақат бақириш билан шуғулланяпмиз», — дейди президент.
«Бутун Қирғизистон» мухолифат францияси етакчиси Адахон Мадумаров эса ўзбек—қирғиз чегараси бўйича битим ноқонуний равишда кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Мадумаров битимнинг ратификацияси учун Қирғизистон Конституциявий суди хулосаси кераклигини таъкидлайди. Унинг айтишича, ҳозирги ҳукумат кетса, кейингиси ушбу қарор «мажбурликдан» қабул қилинган деб тан олади.
Қирғизистон адлия вазири Аёз Баетовнинг ҳеч қанақа хулоса керак эмаслигини билдирган. У бундай хулоса фақат «ноаниқлик бўлганида ва мурожаат қилинганида» лозимлигини айтган.
«Конституциявий суд ҳурмат қилинганида, ҳукумат унга мурожаат қилган бўларди. Ташаббускор парламент эмас, балки ҳукумат. Шундай бўлса, Конституция ва қонунларни олиб ташланглар», — деган Мадумаров унга жавобан.
Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Мадумаровга жавоб қайтариб, ҳукумат ўз ҳаракатларига жавоб бериш ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини қайд этган.
«Бошқа ҳукумат келса, пешонамизга нима ёзилганини кўрамиз. Биз қонун доирасида, давлат ва фуқаролар манфаатидан келиб чиқяпмиз», — дея қайд этган у.


