Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотларига кўра, Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими давлат инспекторлари ҳамда Жиззах вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат рейд тадбири давомида Айдар-Арнасой кўллар тизими, Арнасой бўлими ҳудудида Тошкент вилояти, Чиноз тумани, «Оқолтин» МФЙда яшовчи фуқаро Т. Б. томонидан ноқонуний балиқ овлангани аниқланди.
Текширув давомида Т. Б. бошқарувидаги автотранспорт воситасида овлаш тақиқланган кичик ўлчамдаги жами 541 та (113,5 кг) оқсила (судак) балиқлари топилди.
Ўрганиш натижасида ҳайвонот дунёсига жами 178 миллион 530 минг сўм миқдорида зарар келтирилганлиги аниқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.


