4-май куни Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғли ҳудудларида кузатилган сел оқимлари тўхтади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Хабарда келтирилишича, туманнинг Пешағор, Аччи, Қанғли ва Шўрча қишлоқларидан ўтган сойларда сел сувлари тошқини кузатилиб, Жиззах—Зомин автомобиль йўли йўлининг 25, 26, 27-километрлари устидан тошиб ўтган.
Вилоят ФВБ раҳбарияти ва қутқарув бўлинмалари зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган ҳамда икки нафар фуқаро сел оқимларидан қутқарилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.
Айни дамда сел оқимлари тўхтаган. автомобиль йўллари махсус техникалар ёрдамида сел қолдиқларидан тозаланиб, ҳаракат қайта тикланган. Воқеа жойида вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида 140 нафар қутқарувчилар ва 8 та махсус техника, хусусан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотларнинг 83 нафар шахсий таркиби ҳамда 25 та махсус техникаси сел оқибатларини бартараф этиш ишлари билан банд.
Мутасаддилар томонидан сел тошган кўчалар, аҳоли хонадонлари ўрганилмоқда.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.


