Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида диний экстремистик оқимлар ва халқаро террорчилик ташкилотлари ғояларини тарғиб қилган шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган, Ғаллаорол тумани Жийдали маҳалласида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро ҳамда ушбу туманнинг Оқтош маҳалласида истиқомат қилувчи 2002 йилда туғилган шахс Telegram мессенжери орқали гуруҳ ташкил этган.
Мазкур гуруҳ орқали улар диний экстремистик оқимлар ва халқаро террорчилик ташкилотларига оид, Ўзбекистон Республикасида қонун билан тақиқланган аудио ва видео материалларни тарқатиб келган. Натижада Ғаллаорол туманининг Жийдали, Ғобдун, Лалмикор, Наврўз, Навбаҳор, Хўжакабут ва Яшнобод маҳаллаларида яшовчи 18 нафарга яқин шахс жалб этилган виртуал жамоа шакллантирилган.
Олиб борилган тадбирлар якунида мазкур икки нафар шахс процессуал тартибда ушланди ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, 9 нафар шахс маъмурий қамоққа олинди.
Яна 7 нафар фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда бундай ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди.


