Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан жами 11 та ижро ҳужжати бўйича 20 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундируви Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармаси ҳудудий бўлимлари иш юритувига келиб тушган.
Қарздор А.А. бир неча бор огоҳлантирилганига қарамасдан, қарздорликни ихтиёрий равишда тўламаган ҳамда ўзига тегишли автомашинани хатлашдан яшириб келган. Шу сабабли мазкур мулкка нисбатан қидирув эълон қилинган.
Қидирувдан хабардор бўлган қарздор автомашинани яшириб, ўзи эса ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига жўнаб кетган.
Ижро ҳаракатлари давомида автомашина Дўстлик туманида, қарздорнинг қўшнисига тегишли уйда яширилган ҳолда аниқланди.
Эндиликда ушбу автотранспорт воситаси аукцион савдолари орқали сотилиши, тушган маблағ эса қарздорликни қоплашга йўналтирилиши белгиланган.


