Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 18 июнь куни юк автомашинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ маълумот берди.
Ҳолат соат 15:30 ларда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган М39 автомобиль йўлининг 1010 километрида юз берган. Тошкент шаҳрида яшовчи ҳайдовчи CHACMAN / L3000 русумли юк автомашинасини Самарқанд–Тошкент йўналишининг довон қисмида ҳаракатланиб кетаётган вақтида автомашинага уланган узун ўлчамли юкларни ташишга мўлжалланган яримтиркама узилиб кетган.
Шундан сўнг ушбу яримтиркама йўлнинг довон қисмидан пастга қараб йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиқларга сидирилиб 400-500 метр масофагача ҳаракатланиб тўхтаган.
Суриштирув давомида ушбу яримтиркама юк автомашинасига уланадиган қисмидан қўпорилиб кетганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва йўловчи автомашиналарга ҳам шикаст етмаган.


