Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023-2024 йилларда вирусли тропик касалликлар авж олишини прогноз қилиб, аллақачон бу хавфга тайёргарликни бошлаб юборган.
Жумладан, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг сўзларига кўра, денге ва чикунгуня иситмалари ҳамда Зика вируси билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши кутилмоқда. Бу хасталикларнинг барчаси одамларга чивинлар чақиши орқали юқиши кузатилади.
«Сўнгги ўн йилликда дунё бўйлаб денге иситмасига чалиниш ҳолатлари кескин ошди. Айниқса Шимолий ва Жанубий Америкада ўтган йили 2,8 миллион ҳолат қайд этилган ва беморлардан 1280 нафари ҳаётдан кўз юмган», — дейди Тедрос.
Мутахассислар вирусли касалликларнинг авж олишига ҳаво ҳароратининг кўтарилишини сабаб қилиб кўрсатишган.


