Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг 2 декабрдаги буйруғи билан пойтахтдаги онкология шифохонаси деярли бўшатилди. 22 декабрь куни шифохонада бўлган Zamon.uz мухбири бўм-бўш хоналарни кузатди. Бўлимларда 3-4 нафар ҳамшира, шифокорлардан бўлак ҳеч ким йўқ.
“Оғир даражадаги беморларни ўтган ҳафта чиқариб юборди”- дейди ҳамширалардан бири.
Унинг қўшимча қилишича, шифохона режа бўйича анча олдин ёпилиши керак бўлган. Аммо, бошқа онкология касалхоналари шу ердан борган беморларни қабул қилмагани оқибатида, бир нечта ўлимлар қайд этилган. Шундан сўнг, пойтахт онкология диспансери маълум муддатга қайта очилган. Ҳамширага кўра, шифохона ҳудудини “Murad buildings” сотиб олган бўлиши мумкин.
Шаҳар онкология диспансери имкониятларига тўхталганда, йилига ўртача 10 минг нафар киши даволаниб кетарди. Манзил ҳамма учун қулай бўлиб қолганди. Энди уларнинг кўпчилиги шаҳарнинг бир чеккасида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказига боришга мажбур. Марказда кўрсатиладиган айрим хизматлар эса пулли, масалан Тошкентдаги диспансерда ЭКГ, УЗИ каби текширувлар, шифокор маслаҳатлари бепул кўрсатиларди. Ҳудуддаги юзлаб дарахтлар тоза ҳаво манбайи эди, ёзда салқинлик, қишда хушманзара бериб турарди. Тўғри, улар ҳозирча кесилмади, лекин дарахтларнинг борлиги беморларга қайсидир маънода шифо эди. Республика онкология ва радиология марказида эса бундай яшиллик деярли йўқ.
Ишдан бўшатилган шифокорларнинг тақдири ҳам масала бўлиб турибди. ССВга кўра, шаҳар онкология диспансерида меҳнат қилиб келган 450 нафар ходимнинг 170 нафари ишли бўлган. Маълум бўлишича, ҳозирда Республика онкология ва радиология марказидан ишга таклифлар бўляпти. “Лекин ойлик маошлар кам, ёшга доир чекловлар қўйилган”, дейди суҳбатдошимиз.
2022 йилда Тошкентнинг 3 та йирик онкология маркази сотувга қўйилиб, эътирозлардан сўнг аукциондан олинган эди. Ўша пайтда Фаробий кўчасидаги(Беруний метро бекати) Республика онкология маркази — 281,7 млрд сўм, Тошкент шаҳар филиали — 160,5 млрд сўм, Тошкент вилояти филиали — 92,1 млрд сўмга баҳоланганди.
Айни вақтда Фаробий кўчасидаги Республика онкология ва радиология маркази янги бинога кўчирилган. Экология қўмитасига кўра, марказ ҳудудидаги дарахтлар хатловдан ўтказилган. Шу кунларда эса Онкология ва радиология марказининг Тошкент вилояти филиали фаолият юритяпти. Аммо, бу узоқ давом этмаслиги мумкин. Хусусан, «kun.uz» нашри вилоят филиали ҳам ёпилиши режалаштирилгани ҳақида ёзган.
Zamon.uz мухбири 23 декабрь куни RIO вa RITM’нинг Тошкент вилояти филиалида бўлиб вазиятни ўрганди. Тиббиёт ходимларининг айримлари машъум хабарни эшитмаганини, келиб-кетаётганлар эса шифохона қолишидан умидворлигини айтди.
Бир шифокорга кўра, шу йилнинг сентябр ойида мазкур муассасанинг тақдири бўйича ходимларнинг фикрлари олинган.
“Бу ерда 500 га яқин киши ишлайди, кунига 200-300 га яқин бемор келади”- дейди у.
Шахсини ошкор қилишни истамаган манба, диспансер нима учун қолиши кераклигини тушунтирди. Унга кўра, филиал Марказий Осиёдаги биринчи онкология муассасаси ҳисобланади. Шу ерда қўшни давлатларга мутахассислар тайёрланган. Совет иттифоқи даврида Фаробий кўчасидаги Республика онкология маркази, Тошкент шаҳар ва вилоят диспансерида беморлар учун жами 1000 га яқин ўрин бўлган. Бу охирги йилларда 850 тагача қисқарган. Ҳозирги вақтда эса Тошкент автомобиль ҳалқа йўли кўчасида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказидаги ўринлар сони 620 тани ташкил этади. Натижада, 230 та ўрин ўз-ўзидан йўқолиб кетяпти.
Zamon.uz манбасига кўра, Тошкент вилояти онкология шифохонаси 240 ўринга эга бўлса, 1 кунда ўртача 300 га яқин киши шу ерда ётиб даволанади.
“Ўзи жой етмаяпти, шу маҳалда койкаларимизни қисқартириб янги моделга ўтказишимиз қанчалик тўғри? Янги бинода 620 та койка ва 200 ўринлик кундузги стационар очилган. Эрталаб келиб, кечқурун кетади. Энди 200 нафар беморга шунча машина келади, тирбандлик кўпаядику. Бу тажриба чет элда бор, кундузги стационарларни кўпроқ ишлатиш керак, онкологик койкани нархи дунё бўйича энг қиммат. Кундузги стационарларни кўпайтирса, онкологик койкаларни нархи тушади. Ўзи режада шунақа. Лекин кундузги стационарга Тошкент вилояти халқининг бориб жойлашиши қийин. Навбатлар 300 тагача, Бекободдан(120 км) келадиган бемор соат неччидан туриб келиши керак. Узоқлигини ҳисобга олиб вилоятнинг диспансерини сақлаб қолиш лозим. Хизмат кўрсатиш борасида муаммо йўқ, илмий томондан янги марказдан юқорида туради. Катта-катта профессорлар бор, бу ер - мактаб. Келаси йил Ўзбекистонда онкология хизматининг 100 йиллигини нишонламоқчи эдик, бу зўр байрамку, биз эса парчалаяпмиз ”- дейди манба.
Қолаверса, манба марказдаги ўринлар учун Тошкент шаҳар ва вилоят аҳолиси рақобатлаша олмаслигини таъкидлади.
“Шаҳарликлар касал бўлса, уларнинг яқинлари марказда ишласа, маълум, номаълум йўллар билан биринчи навбатда ўшаларни жойлаштиради. Айтайлик, Бекобод, Чиноз, Оққўрғондан келганлар иккинчи даражада қолиб кетади. Тўғри электрон навбат бор. Аммо шифокорликни айтилмайдиган жойлариям бор: қон кетиб қолди деб ётқизиб қўяди, шошилинч деб ётқизиб қўяди. Ҳали чекка вилоятлардан келадиганларни айтганим йўқ. Шароити оғирлар бу ерга жуда кўп келади”- дейди у.
Манбанинг сўзларига кўра, “диспенсер ёпилади” деган хабарлардан кейин чет элда ўқиб келган 7 нафар мутахассис ишдан бўшаб кетган.
“Олдинлари шу ерга ишга кираман деб ёниб турганлар кўп эди, ҳозир унақа одам йўқ, ваканциялар кўп лекин. Ҳамширадаям, санитаркадаям, фаррошдаям шу фикр: “эртага ёпилади, ёпиқ қарор бор”. Онкология касаллари бир марта даволанадиган касаллар эмас, улар кўп курсли даво муолажаларини олади. Буларнинг ҳаммасини марказ ҳозирги тартибда ўтказа олмайди.
Онкологик беморни даволашга ўртача ҳисобда 6 ой кетади. 6 ойгача бемор қаерда туради? Марказ қилиши керак бўлган ишлар жуда кўп. Масалан, у ерда паллиатив бўлим очиш нега керак? 8-қаватда шундай бўлим бор. У юқори технологик ёрдам кўрсатувчи марказ. У нарсалар бизда, диспансерларда бўлиши лозим, яъни вилоятларда. Паллиатив дегани бу- юролмайдиган, оғир бемор дегани. Нимага оғир беморни марказга олиб боришимиз керак. Президент уни юқори технологик ёрдам учун қуриб берди. Марказнинг клиник фаолияти нотўғри. Паллиативнинг ўрнига нейроонкология, радиохирургия, биотехнология бўлимлари қилса бўларди, Аввалги ва ҳозирги директори ҳам биронта билан маслаҳат қилмаган”- дейди манба.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ва вилоят диспансерини марказга қўшиб олиш режаларидан кейин икки муассасага чет эл инвестициялари ҳисобидан умуман тиббий аппаратлар берилмаган. Рўйхатдан олиб ташланган. Хусусан, ЖССТ Ўзбекистонга 2 млн долларлик асбоб-ускуналар берган, лекин айрим мансабдорлар диспансерларни бундан бебаҳра қолдирган. Манбанинг қўшимча қилишича, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бу шифохонани сақлаб қолмоқчи. Лекин вазирлик ўзини айтганини қиляпти. Агар ёпиладиган бўлса, ҳоким Нурафшон шаҳрида 300 ўринлик шифохона қуриб бермоқчи.
“6 ой давомида даволанадиган беморга қайсидир ёрдамни марказ кўрсатса розимиз. Унга 1-2 ой кетар, қолган 4 ойини диспенсер қилиш керак. Кейин рўйхатга олинган бемор биринчи йил ҳар ойда бир марта, агар касали ремиссияга тушса иккинчи йил 3 ойда бир марта, учинчи йил 6 ойда бир марта, 4-5 йилда 12 ойда бир марта кўриниб туриши керак. Уни ким қилади? Марказ қилмайди, диспенсер бўлими йўқ. мана шу диспансеризация- дунё тан олган тизим. Бу - беморларни узоқ яшашига қаратилган”- дейди манба.
Қайд этилишича, йилдан-йилга онкологик касалликларга чалинаётганлар сони ошиб боряпти. Хусусан, биргина Республика онкология ва радиология марказининг Тошкент вилояти филиалининг консультатив поликлиникаси 2020 йилда 72 141 нафар бемор қабул қилган бўлса, 2022 йилда бу рақамлар 114 000, 2024 йилда 126 341 нафарга етган. Бу онкологик мурожаатлар сони 75,1 фоизга ошди дегани.
“126 минг касал ўз-ўзидан рак касалхонасига келмайди, диагноз қўйилгани учун келади. Ракка хавотири, гумони борлиги учун келади. Рақобат бўлиши керак”- дейди манба.
Бундан ташқари, шахсини сир тутишни сўраган шахс Тошкент вилояти онкология шифохонасини ёпилиши оғир оқибатларга олиб келишини айтди.
“Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизимида битта аччиқ вазият бўлган. Тошкент вилоятига тез тиббий ёрдам керак эмас. “Республика шошилинич тез тиббий ёрдам марказига келаверади”, дейишганди. Шошилинч ҳолатлар бўйича ўлим кўрсаткичи ошиб кетди. Етказиб боролмади. 10 йиллардан кейин қайта қарор чиқариб, Қўйлиқ деҳқон бозори орқасида вилоят тез тиббий ёрдам маркази қурилди. Буям шунақа бўлади. Марказга қўшилиб кетгандан кейин ўлимлар сони ошиб кетади. Шундан кейин Тошкент вилояти, шаҳар онкология шифохоналарини очишга мажбур бўламиз” - дейди у.
Биз шу куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказига ҳам бордик. 23 декабрь, соат 11:40 ҳолатига кўра, шифокор қабулига, тиббий муолажаларга олинган навбатнинг энг охири 414-ўринда. Республика онкология шифохонасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиали беморлари бу навбатга келиб қўшилса, вазият бунданда оғирлашиши мумкин.
Маълум бўлишича, ССВ ўша куни матбуот анжумани ўтказиб, журналистларнинг айрим саволларига жавоб берган. Унга кўра, беморлар бепул даволаниши, Республика онкология шифохонасининг Тошкент шаҳар филиали ҳудудида яшил жамоат парки ташкил этилиши айтилган. Лекин марказнинг вилоятдаги филиали тақдири ҳақида сўз бормаган.


