18 сентябрь куни Шимолий Кореянинг Ракета фанлари бош бошқармаси оғирлиги 4,5 тонна бўлган ўта йирик каллакка эга янги "Хвасон-11да-4,5" тактик баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақида Корея марказий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
"Синов учирилишининг моҳияти ўта йирик каллакка эга ракетанинг 320 кмгача бўлган масофадаги нишонга тегиши аниқлигини тасдиқлашдан иборат эди", — дейилади хабарда.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин синовларда қатнашди ва уларнинг натижаларидан мамнунлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, "бундай синовлар ва қурол-яроғ қувватининг доимий ортиб бориши бевосита КХДР давлат хавфсизлигига ташқи кучлар томонидан жиддий таҳдид билан боғлиқ".


